Болаларнинг интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш учун “Besh Qadam” дастури ишга туширилди
Ўзбекистонда болаларнинг ақлий салоҳиятини кучайтириш, мулоқот кўникмаларини яхшилаш ҳамда ота-оналар ва бобо-бувилар билан алоқаларни шакллантиришга ёрдам берувчи фарзанд тарбиясига доир дастур ишга туширилди.
“BESH QADAM” эрта ёшдаги (0-5 ёш) болаларни тарбиялашга қаратилган платформа ҳисобланади. Бу Австралиядаги инсонпарварлик ташкилоти Minderoo Foundation жамғармаси яратган “Thrive by Five” дастурининг ўзбекча талқинидир. Дастур Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Инновация маркази билан ҳамкорликда яратилди.
“BESH QADAM” дастурида эрта ёшдаги болалар билан бажариладиган 100 дан ортиқ қувноқ машғулотлар жамланган бўлиб, у ота-оналар ва бобо-бувиларни ўз фарзандларининг тарбияси билан ҳар куни шуғулланишга ундайди. Дастурдаги бу каби машғулотлар нейробиологиядаги сўнгги тадқиқотлар ва болаларни тарбиялашга оид анъанавий услубларни уйғунлаштирган ҳолда ишлаб чиқилган.
Дастурнинг асосини қуйидаги учта ишланма ташкил қилади:
- “BESH QADAM” иловаси: 0-5 ёшдаги болаларнинг ота-онаси ва тарбиячиларига мўлжалланган, бепул юклаб олиш ва ишлатиш мумкин.
- Ёрдамчи контент: аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳимояга муҳтож қатламини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик мақсадида материаллардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш учун онлайн ва офлайн каналлар орқали тарқатилади.
- Австралиялик мактаб ўқувчиси Молли Райтнинг 2021 йилда Ted Talk шоуда сўзлаган “Қандай қилиб ҳар бир бола беш ёшгача ривожланади” мавзусидаги нутқи.
Беш ёшга етганда, боланинг мияси аллақачон катта одам миясининг 90 фоиз имкониятига тенг бўлади. Тадқиқотлар болалар билан эрта ёшданоқ ва тез-тез суҳбатлашиш унинг когнитив ривожланишида муҳим аҳамият касб этишини кўрсатмоқда. Ҳатто беркинмачоқ сингари содда ўйинлар ҳам эрта ёшдаги камолотига салмоқли таъсир қилиши илмий далиллар билан исботланган.
“Ўзбекистон мактабгача таълим қамровини оширишни ўз сиёсатидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгилади. Аммо бола камолотидаги энг аҳамиятли йиллар у мактабга боргунча юз беради. Вазирлигимиз шу мантиқдан келиб чиқиб мазкур лойиҳанинг салоҳиятини дарров англаб етди”, – деди Агриппина Васильевна Шин, мактабгача таълим вазири. – “БEШ ҚАДАМ” дастури ота-оналарга фарзанд тарбиясида ёрдам берувчи илғор восита ҳисобланади.
Minderoo жамғармасининг таъсисчилари ва раисларидан бири Никола Форрест шундай дейди: “Мазкур дастур боланинг ривожланишида муҳим ўрин тутувчи эрта ёшда фарзанднинг тўлиқ салоҳиятини очиш учун уни қандай тарбиялаш борасида ота-оналар ва тарбиячиларга салмоқли билимларни тақдим этади. Илм-фаннинг тасдиқлашича, инсонлар орасидаги айнан ўзаро алоқа ва муомала жараёнидаги кўп такрорланувчи, айниқса, оғир дамларда содир бўлувчи мўъжазгина қисқа лаҳзалар бола тарбиясида муҳим аҳамият касб этади”.
Сидней университети ҳузуридаги Мия ва онг маркази профессори Ян Хики буни қуйидагича изоҳлади:
“Thrive by Five дастури эрта ёшда миянинг ривожланишига оид янги илмий ахборотларни маълум бир ҳудудга тегишли маданий билимлар билан ўзига хос шаклда уйғунлаштиради. Бу мураккаб мавзу, бироқ лойиҳанинг ажойиб тарафи ҳам айнан шунда. Бу каби илова ҳақиқатан ҳам дунёда биринчи ҳисобланади”.
Ўзбекистон Thrive by Five дастурининг маҳаллий талқини ишга туширилган бешинчи мамлакат бўлди. Жамғарма ушбу дастурни бутун жаҳон бўйлаб 30 та мамлакатда ишга тушириб, болани эрта ёшдан тарбиялашнинг аҳамиятини имкон қадар кўп аҳолига тушунтириш, шунингдек, болаларнинг салоҳиятини эрта ёшдан ривожлантириш учун ота-она ва тарбиячиларга кенг имкониятлар тақдим этишни режалаштирган.
«Мобил илова ота-оналарга болалар билан тарбия ва ўйин шаклида унумли мулоқот қилишга оид салмоқли маслаҳатларни беради”, – дейди Инновация марказининг ижрочи директори Оятулло Раҳматуллаев. Эслатиб ўтамиз, мазкур марказ иловани ўзбекистонлик ота-оналарга мослаштириш ишларига бош-қош бўлган. Ўзбекистонлик ота-оналар, бобо ва бувилар бу иловани қанчалик кўп ишлатишса, юртимиз келажаги шунчалик порлоқ бўлади, десак асло муболаға бўлмайди».
Шарҳлар