Бош прокуратура 9 ой ичида ноқонуний дарахт кесилиши бўйича 2427 та ҳолатни аниқлади
Жорий йилнинг ўтган даврида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 427 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган, дея хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.
Уларнинг орасида 714 туп қимматбаҳо дарахт турлари кесилган, бу Қизил китобга киритилган ноёб ўсимлик турларининг табиий захиралари ва улар ўсадиган майдонларнинг камайишига олиб келмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 11 минг 550 туп тожик кавраги ўсимлиги ноқонуний равишда кесилиб, табиатга 5 миллиард 700 миллион сўмлик зарар етказилган.
Шунингдек, ўрмон фондидан ерларни ноқонуний ижарага бериш ҳолатлари аниқланиб, улар юзасидан 18 та жиноят иши, 46 та маъмурийиш, 23 та интизомий иш қўзғатилган. Шунингдек, ноқонуний эгаллаб олинган 1539 гектар ўрмон ерлари қайтарилган.
Бош прокуратура томонидан бошқа давлат органларига қонун бузилиши ҳолатларига чек қўйиш тўғрисида 107 та сўров юборилган, 206 та ноқонуний ҳужжат юзасидан протест билдирилган, судга 4 та даъво аризаси берилган. 304 нафар шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилган, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик қўпол равишда бузилганлиги учун 7 та жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар