Бош прокуратура Полат Шамшетов ўлимининг дастлабки сабабини маълум қилди
Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукус воқеалари юзасидан жиноий иш бўйича судланганлардан бири, Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлигининг собиқ ходими Пўлат Шамшетов ўлимининг дастлабки сабабларини маълум қилди, деб ёзади «Газета.уз».
4 февраль куни Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум Полат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Қайд этилишича, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Мазкур кўздан кечириш жараёнларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, Полат Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминланди.
Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.
Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар