Бош прокуратура референдумдаги қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида хабар беришга чақирди
Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Шоҳрух Аминов Марказий сайлов комиссиясининг брифингида журналистлар ва халқаро кузатувчиларга алоҳида мурожаат қилди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
«Прокуратура органлари референдум жараёнида қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда ва бунинг учун барча саъй-ҳаракатларни рўёбга чиқармоқда», — деди у.
«Кимнинг-ки овоз бериш ҳуқуқи бузилса ёхуд фуқароларимиз референдум қонунчилигини бузиш ҳолатларига гувоҳ бўлса, зудлик билан ҳудудий прокуратура органларига ёки Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефонига мурожаат қилишларини сўраймиз», — дея илтимос қилди бош прокурор ўринбосари.
Аминовнинг сўзларига кўра, шу кунга қадар прокуратура органларига референдум жараёнида фуқаролардан 200 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларда асосан референдум қонунчилигига оид ҳуқуқий тушунтириш сўралган. Ҳуқуқбузарликларга оид хабарлар ва мурожаатлар келиб тушмаган.
19−26 апрель кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида ҳам прокуратура органларига қонун бузилишига йўл қўйилганлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган.
«Умуман олганда, агар референдум қонунчилиги бузилганлиги ҳақида хабар ва мурожаатлар келиб тушса ёки оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бирор маълумотлар эълон қилинса, улар ўша заҳоти алоҳида назоратга олинади. Бундай мурожаатлар тезкор равишда қонун доирасида мукаммал ўрганилади ва улардаги ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади», — дея таъкидлади Шоҳрух Аминов.
Қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган:
— референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг қарорларини бажармаслик;
— референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш;
— референдумни молиялаштириш тартибини бузиш;
— референдум натижаларини эълон қилиш тартибини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Қуйидагилар учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган:
— овоз беришнинг яширинлигини бузиш;
— референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш;
— овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш;
— овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш.
Шарҳлар