Бош прокурор тасодифан Туркияда қидирувда бўлган жиноятчи билан суҳбатлашган

Фото: Платина.ўз

Интернетда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев қидирувда бўлган Шерали ва Абдували Абдуллаевлар билан гаплашиб тургани ҳақидаги видеоёзув тарқалган.

2024 йилнинг 2-4 январь кунлари Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев меҳнат таътили даврида саломатлигини тиклаш мақсадида ўз ҳисобидан Туркия Республикасига бориб, “Medipol Mega” тиббиёт клиникасида даволаниш муолажаларидан ўтган. Туркияда унга аввалдан таниши бўлган Азим Жўрабоев (видеода қора рангли курткада турибди) ҳамроҳлик қилган.

«Бош прокурор Азим Жўрабоев билан клиникада гаплашиб турган вақтида, уларнинг олдига асли фамилияси Собиржанов (хабарда Шерали Абдуллаев деб кўрсатилган) бўлган Шерали исмли шахс келиб, ўзини таништирган. Шу вақтда улар клиникага келиши сабаблари ҳақида суҳбатлашишган. Шерали Собиржанов клиникага ўзининг фарзандини даволанишга олиб келганлигини айтиб, Бош прокурорни таниб қолгани учун улар билан ҳамсуҳбат бўлишга ёнларига келганини айтган», – дейилади хабарда.

Шундай қилиб, видеода Бош прокурор ёнида турган икки шахснинг бири Шерали Собиржанов бўлса, иккинчиси Абдували Абдуллаев эмас, балки Азим Жўрабоев бўлган.

Абдували Абдуллаев томонидан 2018 йил 10 май куни “Baxmal Juice Master” МЧЖга банкдан 1,1 млн АҚШ доллар кредит олиниб, кредит қарздорлигининг 633 минг АҚШ доллари қасддан қопланмаганлиги оқибатида, гаровдаги «O’zengilulgurjisavdo» МЧЖга тегишли мулк (маъмурий бино) банк тасарруфига ўтиб кетган.

«O’zengilulgurjisavdo» МЧЖ таъсисчиларининг аризасига асосан 2021 йил 25 январь куни А.Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида айбланувчи А.Абдуллаевга жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари айбланувчи қаерда эканлиги номаълум бўлганлиги сабабли вақтинча тўхтатилган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.