Бу каби ҳолатлар денгиздан томчи, холос – Саида Мирзиёева олий ўқув юртларидаги харассмент ҳақида
ОТМда талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) – жиддий муаммо, Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир, дейди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раисининг ўринбосари, Ўзбекистонда Гендер тенглиги бўйича комиссия раиси Саида Мирзиёева.
NeMolchi.uz лойиҳаси шу ҳолат билан тўқнаш келган олий ўқув юртининг талабаси ҳақида маълум қилди.
«Менимча, қиз-аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бундай ОАВ фаолияти – катта муваффақият ҳамда адолатсизлик ва cексизимга тоқат қилишни истамайдиганларнинг сўнгги умидидир. Фонд ушбу йўналишда фаолият юритаётган бундай оммавий ахборот воситаларини олқишлаши ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман», – дейди Саида Мирзиёева.
Унинг сўзларига кўра, жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи, холос.
«Албатта, бу ҳақда очиқ гапиришга жазм қилган қизларнинг жасорати ва қатъияти таҳсинга сазовор. Бироқ тазъйиқ ва ноҳақлик ҳақида баралла гапира олмай, дарду ҳасратини машъум кабинетлар ҳамда хотирасининг узоқ бурчакларига дафн этганлар қанча! Жабрдийданинг ўзини айблаб, терговни “ёпти-ёпти” қилиб юборилган ҳолатлар қанча! Қанчадан-қанча жиноятчилар ожизани муросага кўндиргани ёки қўрқитиб қўйгани учун сувдан қуруқ чиққан?»
Саида Мирзиёева айни кунларда бу ҳақда тинимсиз ўйлаётганини қайд этади.
«Биз бу борада Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳага муҳтожмиз. Айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт. Зўравонлик қурбонлари уларнинг нидосини эшитадиганлар ва ёрдам берадиганлар борлигига ишончи комил бўлиши, зўравонлар эса жазо муқаррар эканлигини англаши зарур».
– Шунда нафақат ўқишдан ҳайдаш ёки бошқа баҳоналар билан ОТМ талаба қизларига таҳдид қилишга, балки исталган бошқа жойда ҳам лавозим ва мавқеини суистеъмол қилиш билан қонунни бузишга йўл қўйилмайди, – дейди у.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги педагогика университетининг раҳбарияти ва мансабдор шахсларига нисбатан “қатъий ташкилий ва интизомий чоралар” кўрилишини билдирди.
Шарҳлар