Бухорода мактаб-интернати ўқитувчиси руҳий ногирон ўқувчига қайчи билан таҳдид қилди
Болалар омбудсмани котибиятига Бухоро шаҳрида яшовчи Э.Н. (эркак)нинг мурожаати келиб тушди.
Мурожаатида Э.Н. Бухоро шаҳридаги ихтисослаштирилган 27-сонли мактаб-интернатининг ўқитувчиси Ҳ.Н. (аёл) руҳий жиҳатдан ногирон бўлган 1-синф ўқувчиси О.К. га куч ишлатиб, унга руҳий босим ўтказганлигини, у ўқувчини қўлидан тортиб ерга судраганлиги ва урганлигини ҳамда синф хонасидаги қайчи билан таҳдид қилиб, унинг юз қисмига тираганини билдирган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берган мурожаатининг кўриб чиқилиши натижаси юзасидан хабар берилмаганлигини билдириб, болага қилинган жисмоний ва руҳий зўравонлик ҳаракатлари учун Н.Ҳ. га нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Болалар омбудсмани томонидан болага нисбатан бундай зўравонлик ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш юзасидан ички ишлар ва прокуратура органлари ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сўров юборилган, ҳозирда ҳолат ўрганилмоқда.
Ҳолат туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Бу борада қўшимча маълумот берилади.
Шарҳлар