Бухорода майнинг ферма ташкил этган хонадонлар аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда “Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро А.З. қонунга хилоф равишда “Майнинг ферма” фаолияти билан шуғулланиб келганлиги аниқланган.
Хабарга кўра, “жиноятчи ўз уйининг ёрдамчи хўжалигида 10 та тўпламдаги майнинг крипто-активлари қурилмаларидан фойдаланиш учун электр тармоғига тижорат мақсадида уланиб, давлат ва жамият манфаатларига 531,4 млн сўм зарар етказган.
Департаментнинг Когон шаҳар бўлими томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда эса фуқаро Ш.Ш. ўз уйида 5 та тўпламдаги майнинг крипто-активлари қурилмаларини электр тармоғига тижорат мақсадида улаб, давлат ва жамият манфаатларига 328,7 млн сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Улашиш:
Шарҳлар