Чанг-қумли ғуборлар, дарахт экиш ва Орол фожиаси: БМТ иқлим саммитида Азиз Абдуҳакимов нималар ҳақида гапирди

Источник: Министерство туризма и спорта

Марказий Осиёда чанг бўронлари тез-тез юз бериши ва уларнинг географияси  ошиб бормоқда, шунингдек ерлар деградацияси чуқурлашиб, сув ресурслари қисқарган, деди Азиз Абдуҳакимов Глазгода бўлиб ўтган БМТнинг иқлим саммитидаги чиқишида. Бу ҳақда “Спутник” нашри ёзади.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгаришлари Орол денгизи фожиаси сабабли дунёнинг бошқа минтақаларига қараганда икки баравар жадалроқ юз бермоқда.

«Ўзбекистон «яшил» кун тартибининг долзарб масалаларини илгари суриш ва иқлим ўзгариши жараёнларини тўхтатиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишга тайёр», – дейди у.

2021 йилдан бошлаб мамлакатда ҳар йили 200 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. 2030 йилга келиб иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баробарга, қайта тикланадиган энергия улушини эса камида 25 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Абдуҳакимов Ўзбекистон яқинда бўлиб ўтган «Катта йигирматалик» (G-20) йиғилишида биологик хилма-хиллик бўйича мувозанатли ва самарали Глобал асосни қабул қилиш бўйича келишувни олқишлашини таъкидлади.

Вазирнинг сўзларига кўра, минтақавий миқёсда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳамкорлари билан биргаликда «қурғоқчилик ва сув танқислигига қарши курашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва унга туташ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида қатъий чоралар кўрмоқда.

Азиз Абдуҳакимов мамлакат номидан миллий баёнот билан чиқиш қилар экан, Ўзбекистон халқаро ҳамжамият билан биргаликда сайёра келажаги учун барча зарур чора-тадбирларни амалга оширишга қўшилишини таъкидлади.

Халқаро экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун бош вазир ўринбосари 2023 йилда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича юқори даражадаги 6-ассамблеясини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

У шунингдек, Ўзбекистон Глазгодаги саммитда қабул қилинган ўрмонлар ва ердан фойдаланиш бўйича қўшма декларацияни қўллаб-қувватлашини билдирди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.