Чирчиқ шаҳар ҳокимлигининг матбуот котиби лавозимидан маҳрум бўлди
Чирчиқ шаҳар ҳокимлигининг матбуот котиби Фахриддин Қодиров лавозимидан маҳрум бўлди. Бу ҳақда матбуот котибларининг фаолиятини назорат қилиб, уларга баҳо берадиган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар беради.
«Айрим матбуот котиблари ўз вазифаларини бажариш ўрнига, фаолиятига алоқадор бўлмаган ишлар билан шуғулланиб, давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрларига тўғри келмайдиган ҳолатларга йўл қўяётгани ҳам кузатилмоқда», – дейилади хабарда.
Хусусан, куни кеча Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Ф.Қодиров ижтимоий тармоқлардаги оммавий мунозара пайтида давлат хизматчисининг мақомига хос бўлмаган тарзда ўз фикрини нотўғри шаклда билдириб, мулоқот маданиятининг умумқабул қилинган меъёрларини бузган. У мулоқот давомида қўпол сўзлар ишлатган, бу ҳолат, ўз навбатида, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган.
Агентликнинг қайд этишича, «у ўз хатти-ҳаракатлари билан давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрлари ва кодексини бузган, шунингдек, ўз фаолиятида мулоқот маданияти меъёрларига риоя қилмаган».
Агентлик барча матбуот котибларини сўзга масъулиятли бўлиш, ўз вазифаларига жиддий ёндашиш, шунингдек, аҳоли сўровларига тезкорлик билан жавоб беришга чақирди.
Аввалроқ Чирчиқда маънавият бўлимининг ташаббуси ва ҳокимлик назорати остида ўзбек тилини тарғиб қилиш бўйича “челленж” бошлаб юборилганди. Дўконларда, ўқув муассасаларида, жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойларида ўзбек ва рус тилларида тез-тез қўлланадиган сўзлар ёзилган варақалар ёпиштириб чиқилганди. Унда ўзбекча сўз яшил “галочка”, унинг русча таржимаси эса қизил “крест” билан белгиланган эди.
Чирчиқ шаҳар ҳокимлигининг матбуот котиби Фахриддин Қодиров шаҳар маъмурияти “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 32 йиллиги (1989 йил 21 октябрь) арафасида “тез-тез қўлланадиган сўзларнинг таржимаси борлиги ҳақида шунчаки эслатиб қўйишни хоҳлашгани”ни билдиради.
Шарҳлар