Чортоқ тумани тиббий бирлашмасининг раҳбари туғруқ бўлимидаги тўлиб кетган палаталар учун ишдан бўшатилди

Источник: соцсети

Намангандаги туғруқхонада битта палатага 15 нафарга яқин аёллар жойлаштирилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалганди. Вилоят ССБ бу ҳолатга ўз муносабатини билдирди, деб ёзади UzNews нашри.

Дастлабки таҳлилларга кўра, 50 ўринли Чортоқ туман туғуруқ бўлимида кунига ўртача 13 та туғуруқ амалга оширилган бўлиб, бу давр оралиғида шифохонанинг ортиқча юклама билан ишлаши деярли кузатилмаган.

Жорий йилнинг сентябрь ойида кунлик туғилишлар сони ўртача 20 тага ортиб кетгани боис, шифохонада ўрин-жойлар етишмовчилиги юзага келган.

Аммо ТТБ раҳбарияти томонидан мазкур масалани ҳал этиш бўйича ўз вақтида керакли чора-тадбирлар кўрилмаган. Оқибатда ушбу туғуруқ бўлимидаги палаталарда ўрин-жойлар санитар-эпидемиологик талабларга риоя этилмаган ҳолда жойлаштирилган.

“Самарасиз ишлаётган стационар ўринлар ҳисобига ҳомиладор аёллар учун қўшимча ўрин-жойлар яратиш имконияти мавжуд бўла туриб, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти мазкур муаммога совуққонлик билан ёндашган. Ана шуларни инобатга олган ҳолда, иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари вазифасини бажарувчи Тоҳир Мўминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, — дейилади хабарда.

Юзага келган муаммоли вазиятни тезкор бартараф этиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасидаги самарасиз ишлаётган стационар ўринлар ҳисобидан туғуруқ бўлими учун қўшимча яна 20 та, жами 70 та ўрин-жой ажратилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.