Чорвачиликни ривожлантиришга 100 млн евро ажратилди

Источник: Davide Ragusa/unsplash.com

Президент “Франция тараққиёт агентлиги иштирокида «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорни имзолади. 2021 йил 28 июнда Ўзбекистон Республикаси ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ўртасида имзоланган битимга асосан «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини молиялаштириш учун 100 млн евро миқдорида қарз ажратиш назарда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати – 5 йил (2022-2026 йиллар). Бу ҳақда “Норма” нашри ёзади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 147,07 млн евро эквивалентида бўлиб, шундан:

  • 100 млн евро – ФТАнинг қарзи;
  • 29,96 млн евро – Лойиҳа иштирокчилари (бенефициарлар)нинг улуши;
  • 17,1 млн евро (шу жумладан солиқ ва божхона тўловлари шаклида маблағлар) – Ўзбекистон Республикасининг улуши.

Божхона кодексига асосан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божидан озод қилинган.

Белгиланишича, лойиҳани амалга ошириш доирасида ФТА қарзи ҳисобидан харид қилинадиган товарларни (иш, хизматларни) ва махсус транспорт воситаларини олиб киришда (сотиб олишда) ҚҚС товарларни (иш, хизматларни) олиб кирувчилар (импорт қилувчилар, хизматларни сотиб олувчилар) томонидан тўланади. ушбу божхона божи имтиёзлари натижасида бўшаган маблағлар ҳамда товарларни олиб келувчилар томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси Ўзбекистон Республикасининг Лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.

Лойиҳа дастлаб Қорақалпоғистонда, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида назарда тутилган чора-тадбирлар 50%дан зиёд молиялаштирилгандан сўнг, республиканинг барча вилоятларида амалга оширилади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, унинг мувофиқлаштирилиши ва бошқарилиши, шунингдек, Лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисобот юритилиши учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.

Кредит линиясини бошқариш, ФТАнинг қарзи ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари Лойиҳада иштирок этувчи тижорат банкларига юкланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.