Чуст тумани ҳокимлигининг мансабдор шахслари тарихий объектни 61 млн сўмга сотганликда гумон қилинмоқда
Маданий мерос объекти жойлашган ҳудудни ноқонуний сотиш факти бўйича Чуст тумани ҳокимлигининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Гап Наманган вилояти Чуст туманидаги “Янги ҳаёт” маҳалласида жойлашган, 20-аср бошларига мансуб “Абдумалик” жомеъ масжиди ҳақида бормоқда. Бу ҳақда UzReport ёзади.
2018 йилда “бино “ҳашар” асосида қурилган, ҳозирда ташландиқ, мулкдори номаълум” деган асоссиз даъволар билан ушбу объект туман ҳокимининг қарори билан Маданий мерос инспекцияси балансидан ҳокимлик балансига ўтказилган. Шундан сўнг туман ҳокимлиги объект ҳудудини аукцион орқали 61 миллион сўмга сотди.
Туман ҳокимининг 2019 йил 30 апрелдаги ноқонуний қарори билан ушбу маданий мерос объектини реконструкция қилишга рухсат берилган. Натижада объектни сотиб олган шахс масжид шифтини таъмирлаб, рангини ўзгартирган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, таъмирлаш ишлари натижасида 806,5 миллион сўмлик зарар етказилган.
Тергов натижаларига кўра, Чуст тумани ҳокимлигининг мансабдор шахслари ва бошқа алоқадор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар