Коррупция бўйича юқори кўрсатгич таълим тизимида кузатилган
2023 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига энг кўп таълим соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 511 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Агентлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.
Шунингдек, ўтган йил давомида Агентликка келиб тушган 3 545 та мурожаатнинг 406 таси суд қарорларидан норозиликлар, 301 таси давлат харидлари ва тендер савдолари жараёнидаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича бўлган.
“Агентлик томонидан давлат харидлари, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш йўналишларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларга 225 та тақдимнома, жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 227 та сўровнома юборилди”, – дейилади хабарда.
Юборилган сўровномалар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 23 та жиноят иши ва 96 та маъмурий ишлар қўзғатилган, 74 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.
Ўтган йили амалга оширилган маъмурий ислоҳотлардан сўнг 90 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган ва бугунги кунда 41 та давлат ташкилоти “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатига эга бўлган.
Шарҳлар