,

Давлат думасига судланганлиги бор хорижий фуқароларга РФ Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси киритилди

Госдума
Фото: ТАСС

Тула области парламенти Давлат Думасига судланганлиги бор хорижликларга РФ Қуролли Кучларида шартнома асосида хизмат қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини киритди. Тегишли ҳужжат Давлат Думасининг қонунчилик фаолиятини таъминлаш порталида эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси муаллифларининг эслатишича, 2023 йил июнь ойида расмийлар судланганликка эга россияликларга, шунингдек, кичик ёки ўртача оғирликдаги жиноятларни содир этганларга РФ Қуролли Кучларида хизмат қилиш учун шартномалар тузишга рухсат берганди.

“Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, чет эл фуқаролари ҳам РФ Қуролли Кучларида ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузиш ҳуқуқига эга эканлигини ҳисобга олиб, биз уларга ҳам худди шундай шартларни қўллашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз”, – дейилади тушунтириш хатида.

Ҳужжатда, шунингдек, кичик ёки ўртача оғирликдаги жиноятни содир этган шахслар Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган тақдирда, 1 мартга қадар жавобгарликдан озод қилиш таклиф этилади. Ушбу параметр нафақат чет элликларга, балки Россия фуқароларига ҳам тегишли.

Муаллифларнинг сўзларига кўра, таклиф этилаётган ўзгаришлар РФ Қуролли Кучларини жиҳозлаш имкониятларини кенгайтиради ва “Махсус операция” мақсадларига эришишга ёрдам беради.

2024 йил январь ойи бошида Россия президенти Владимир Путин армияда ёки “ҳарбий тузилмаларда” хизмат қилиш учун шартнома имзолаган хорижликларга Россия фуқаролигини бериш тартибини белгиловчи фармонни имзолади. Энди Россия фуқаролигини “махсус операция” даврида камида бир йил муддатга шартнома тузган чет элликлар олишлари мумкин.

2023 йилнинг ёзидан бошлаб Россия областларида фуқароликни олган, лекин ҳарбий хизматга қабул қилиш бўлимида рўйхатдан ўтмаган хорижликларни қидириш бўйича рейдлар ўтказилмоқда. Август ойида бундай рейд Санкт-Петербургда, ноябрда Воронежда бўлиб ўтди, октябрда полиция Москвадаги Котельники масжидига келадиганларни ушлади. Декабрь ойида Baza телеграм-канали октябрь ва ноябрь ойларида ўтказилган рейдлар натижасида яқинда Россия паспортини олган 350 дан ортиқ киши армияга жўнатилгани ҳақида ёзган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.