Давлат фуқаролик хизматчиларига 1,2 млн сўмдан қиммат бўлган совғаларни қабул қилиш тақиқланди
Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга кўра, давлат фуқаролик хизматчиси Ўзбекистондан ташқаридаги хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар, Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро ва бошқа расмий тадбирларда совға олиши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчиси совғани тадбирдан келгандан сўнг 3 иш кунида хўжалик бўлимига беради ва бунда далолатнома тузилади. Совғанинг қиймати аниқ бўлмаса, хўжалик бўлими уни баҳолайди ва унинг қиймати БҲМнинг 4 бараваридан (1,2 млн сўмдан) кўп бўлмаса, совға давлат фуқаролик хизматчисига берилади.
Совға қиймати БҲМнинг 4 бараваридан кўп бўлса, у молия-иқтисод бўлинмаси томонидан давлат органи балансига кирим қилинади ҳамда давлат органи эҳтиёжи учун фойдаланилади.
Тез яроқсиз ҳолга келувчи совғалар (гул, ширинликлар), шунингдек канцелярия тўпламлари (тақвим, буклет, пластмассали ручка, кундалик ва блокнот) совға сифатида расмийлаштирилмайди ҳамда ушбу совғалар давлат фуқаролик хизматчисида қолдирилади.
Давлат фуқаролик хизматчиси оладиган совға муайян талабларга жавоб бериши керак. Хусусан, совға миллий қонунчилигимизда тақиқланмаган ашё бўлиши, халқаро ва бошқа расмий тадбирда ихтиёрий берилган бўлиши, совға очиқ ва ошкора қабул қилиниши, давлат органининг обрўсига путур етказмаслиги, манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий омилни келтириб чиқармаслиги лозим.
Шарҳлар