Давлат хизматчилари учун Ахлоқ кодексининг лойиҳаси муҳокамага чиқарилди
Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси халқ муҳокамасига қўйилди. Кодексда биринчи бор давлат хизматчиси тушунчаси ва унинг турлари ҳамда уларнинг таърифи берилмоқда, деб ёзади UzNews нашри.
Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ масалалари бўйича ваколатли органлар сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:
- Давлат ташкилотларидаги одоб-ахлоқ комиссиялари;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги;
- Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Шунингдек, Давлат хизматчиси фаолиятида бир қатор чекловлар белгиланмоқда. Жумладан:
- мансаб ваколатларини сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва уларнинг органлари манфаатлари йўлида амалга ошириш, давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланган сиёсий давлат хизматчилари бундан мустасно;
• илмий, спорт, педагогик ҳамда инновацион ғоя ва таклифларни татбиқ этиш билан боғлиқ фаолиятдан ташқари тадбиркорлик ва ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиш;
• ўз хизмат мавқейини суиистеъмол қилган ҳолда фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зарар етказиш орқали шахсий фойдани олиш.
Одоб-ахлоқ қоидалари бузилиш ҳолатларини қайд этиш ва уларни кўриб чиқиш ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларга риоя қилиш ва уларни бузганлик учун жавобгарлик тортиш тартиби белгиланмоқда.
Лойиҳа 24 декабргача муҳокама қилинади.
Улашиш:
Шарҳлар