Давлат раҳбари табиий газ етказиб бериш занжирининг барча бўғинларини тўлиқ рақамлаштиришни топширди

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказди.

Қайд этилганидек, аҳолини, аввало, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун IV чоракда 21 миллиард киловатт соат, келгуси йил бошида қарийб 22 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолига 10 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши белгиланган.

Давлат раҳбари бу жараёнда исрофга йўл қўймаслик учун газ қудуқларидан истеъмолчигача бўлган тизимни тўлиқ рақамлаштириш бўйича кўрсатма берди.

Табиий газ тармоғидан узоқдаги қишлоқ ва овуллар, ижтимоий объектларга суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилади. Президентимиз қайси ҳудудга яна қўшимча захира керак бўлса, таъминлаб берилишини таъкидлади.

Энергетика вазирлигига аҳолининг энергия манбалари билан таъминланганлик ҳолатини реал вақт тартибида мунтазам назорат қилиб бориш топширилди.

Энергия манбаларини иқтисод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Дунёда энергетика соҳасида рўй бераётган муаммолар минтақамизга ҳам таъсир кўрсатаётгани, бундай вазиятда тежамкорлик долзарб экани қайд этилди. Шу боис барча муассасаларда энергия тежовчи технологиялар ўрнатиш, одамларнинг бу борада дахлдорлигини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.