Давлат қуёш панелларини ўрнатган тошкентликлардан электр энергиясини сотиб олади
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллаларни обод қилиш ва аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда электр ишлаб чиқаришда давлат монополиясидан кетиб, рақобатли муҳит жорий қилиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
Жумладан, давлат панель ўрнатган тадбиркорлардан электрни кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчиларга ҳам сотиши мумкин бўлади. Аҳоли ўз хонадонида панель ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ тармоққа сотган электр энергиясининг ҳар бир киловатти 1 минг сўмдан сотиб олинади.
Аввалроқ шаҳарда қайта тикланувчи энергия жорий қилиш учун 1 миллиард доллар йўналтирилиши маълум бўлганди. Тошкент шаҳрини энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш мақсадида Президент томонидан қуйидаги қўшимча вазифалар белгилаб берилди:
– саноат зоналари ва йирик корхоналарда қуёш панеллари ўрнатиш орқали 400 миллион киловатт соат электр чиқариш бўйича лойиҳаларни бошлаш;
– ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобига 75 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаришни таъминлаш;
– Юқоричирчиқ туманида 500 мегаваттли қуёш электр станциясини қуриш;
– пойтахтдаги саноат корхоналарида электр йўқотишларини 1 фоизга камайтириш ва энергия самарадорлигини 3 фоизга ошириш;
– 1 минг 817 та кўп қаватли уйларнинг ички иситиш тизимини тўлиқ янгилаш;
– 300 километр магистрал иссиқлик тармоқларини янгилаб, йўқотишларни 5 фоизга камайтириш.
Шарҳлар