Дендропарк ҳудудидаги ноқонуний қурилиш бўйича жиноий иш қўзғатилган

Фото: Генпрокуратура

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятида дендропаркда 2017 йилдан буён қатор объектлар ноқонуний қурилгани ва қимматбаҳо дарахтлар кесилгани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатди. Ўрмон хўжалиги агентлиги, «Дархон» станцияси, Тошкент тумани ҳокимлиги ходимлари ва бошқаларга қарши иш қўзғатилган.

Ўрмон хўжалиги агентлигининг Тошкент вилоятидаги «Дархон» манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмий тажриба станцияси (дендропарк) ҳудудида дарахтларни кесиш ва ноқонуний объектлар қуриш ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратура матбуот хизмати.

Ўрмон хўжалиги агентлиги, Дархон станцияси, Тошкент туман ҳокимлиги ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 198 (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввал хабар берилганидек, дендропарк ҳудудида идоралар, турар-жой бинолари ва мебель цехлари (улар 2017 йилдан буён қурилиб бошланган) ноқонуний қурилгани, 85 туп қимматбаҳо навли ноёб ёнғоқ дарахтлари кесиб ташлангани, дарахтларнинг 103 тупи эса масъулиятсизлик сабаб қуриб қолишига олиб келингани аниқланди.

Қонунчиликка кўра, бундай хўжаликнинг ер фонди фақат капитал қурилиш ҳуқуқисиз ижарага ва фақат экология, ўсимликчилик ҳамда ўрмон хўжалиги ва экотуризмни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида берилиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.