Деновдаги фавқулодда ҳодиса натижасида 65 та уй шикастланган (янгиланди)
Деновдаги савдо марказида газ портлаши натижасида яқин-атрофда жойлашган 65 та уй шикастланган, улардан 6 таси яшаш учун мутлақо яроқсиз, чунки улардаги деворлар ёрилиб кетган. Кўп ҳолларда эса портлан оқибатида уйларнинг деразалари синиб, эшиклар қийшайиб кетган. Бу ҳақда “Новости Узбекистана” нашри хабар беради.
Уйлари шикастланган фуқаролар вақтинчалик яшаши учун 24 та квартира ажратилган. Еттита оила уйлари таъмирланадиган даврга бошқа жойга кўчирилган. туман ҳокимлиги уларнинг ижара ҳақини тўлаб беради.
“Газета” нашрининг қайд этишича, зарар миқдорини аниқлаш, биноларнинг авария ҳолатини ўрганиш учун мустақил баҳоловчилар жалб қилинган.
Ҳокимнинг ишонтириб айтишича, давлат қисқа муддатларда етказилган зарарни қоплаб беради: “Томлари, эшиклари, рамалари алмаштирилиши керак бўлган барча шикастланган биноларда бу масалаларни ҳал қилишни бошладик”.
Унинг сўзларига кўра, барча қарорлар аҳоли билан келишилган ҳолда қабул қилинади. Ҳар бир объектга қурувчилар ва масъул шахслар бириктирилган.
Бош прокуратура бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дониёр Масалиев воқеа жойида экспертлар гуруҳи ишлаётганини маълум қилди.
«Мутахассисларнинг дастлабки маълумотлари воқеа жойидаги портлаш бирор-бир портловчи моддалар ёки нефть маҳсулотлари ёрдамида амалга оширилган деган тахминни тўлиқ рад этди», — дея қайд этади у.
«Тахминан кучли алангаланиш бино ичидаги газ қувуридан кўп соат давомида сизиб чиқиб тўпланиб қолган катта миқдордаги газнинг ҳаво билан аралашиши сабабли содир бўлган. Ҳозир биз ушбу версия асосида ишлаяпмиз. Бинога етказилган зарар ва портлаш излари шундай хулосалар қилиш имконини бермоқда. Бош прокуратура матбуот хизматининг “Газета” нашрига маълум қилишича, қўпорувчилик ҳаракати ҳақидаги версия тасдиқланмаган.
Янгиланди. Айни дамда Бош прокуратура Жиноят кодексининг 257 (меҳнат муҳофазаси қоидаларининг бузилиши) ва 259 (ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши) моддалари бўйича жиноят ишини қўзғатган. Тергов олиб борилмоқда.
Шарҳлар