Деновдаги фавқулодда ҳодиса натижасида бир нечта тураржой ва ижтимоий объектга шикаст етгани маълум бўлди
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (ФВВ) Давлат ёнғин назоратини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаровнинг сўзларига кўра, Деновдаги савдо марказида содир бўлган портлашга газ ускуналаридан фойдаланиш қоидалари бузилиши туфайли савдо марказининг ичида тўпланиб қолган газ-ҳаво аралашмаси сабабчи бўлган бўлиши мумкин, деб ёзади “Спутник” нашри.
Унинг қайд этишича, савдо марказидаги портлаш натижасида гу атрофда жойлашган бир нечта тураржой ва ижтимоий объект шикастланган. Айни пайтда ФВВ, ИИВ, Миллий гвардия ва бошқа идораларнинг ходимлари фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари устида ишламоқда.
«Газета.uz» нашрининг қайд этишича, биноларнинг кўпчилигида дераза ойналари синган, деворлар ва уларнинг қопламаси шикастланган, эшиклар қийшайган. Шу жумладан, Тенов туман ҳокимлиги ва солиқ инспекциясининг биноларига ҳам зарар етган. Воқеа жойи яқинида жойлашган мактабларда дарслар бекор қилинган. Портлаш содир бўлган жойнинг ўзи эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ва ҳарбийлар томонидан ўраб олинган.
“Daryo” нашри маҳаллий аҳолининг ҳикояларини келтиради. Улардан бири портлаш натижасида уйидаги дераза ойналари синганини, хоналар чангга тўлганини, электр энергияси узилганини айтган. У кўчага чиқиш учун қийинчилик билан дарвозасини очган. У ерда қичқириқларни эшитган. Шунингдек фуқаро қонга беланган бир эркак ва аёлни кўрган, уларни тез ёрдам машинаси олиб кетган.
Бошқа бир гувоҳнинг сўзларига кўра, унинг уйида деворлар ёрилган ва шифтнинг бир қисми қулаб тушган ва бошини жароҳатлаган. “Портлаш товушини эса таърифлашга сўз йўқ”, – дейди гувоҳ.
Шарҳлар