Депутат дарахтзор кесиб ташлангани учун прокуратура Давлат экология қўмитасига 1,89 млрд сўм ўтказмаганини билдирди
Бир йил олдин Тошкент шаҳар прокуратураси пойтахтнинг Яккасарой туманида 81 та дарахт кесилгани учун қурувчи компаниядан 1,89 млрд сўм ундирганди. Депутат Расул Кушербаевнинг ёзишича, прокуратура бу пулларни Давлат экология қўмитасига ўтказиши керак эди, бироқ у бу ишни амалга оширмаган. Кейинчалик депутат бу постни олиб ташлаган, деб ёзади “Медиазона”.
Депутат дарахтзор кесилиши билан боғлиқ иш натижаларини билиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига ва Давлат экология қўмитасига сўровлар юборган. Қўмита айбдорлардан ундирилган маблағлар прокуратура томонидан ўтказилмагани ҳақида ёзма жавоб берган. Ушбу маблағлар прокуратура депозита сақланган.
Тошкент прокуратураси эса Кушербаевнинг сўровига жавоб бермаган. Шу билан бирга депутат бироз вақтдан кейин ўзининг постини олиб ташлаган. “Газета” нашрининг ёзишича, у бу қарорни шарҳлашдан, шунингдек эҳтимолий босим бўлгани ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортган
Қайд этиб ўтамиз, ўтган йил февраль ойида Building And Supplies компанияси Тошкентнинг Яккасарой туманида 0,5 га майдонда кўп қаватли тураржой қуришни режалаштирганди. Қурилишга рухсатномани пойтахтнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов берган. Шу мақсадда қурувчи компания, дарахт кесишга мораторий бўлса-да, 81 та дарахтни кесиб ташлаганди. Ушбу воқеа жамоатчилик орасида шов-шувни келтириб чиқарди, маҳаллий ҳокимият ҳам бунга ўз эътиборини қаратди. Охир-оқибатда, аҳоли дарахтзорни сақлаб қолди, Яккасарой тумани ҳокимининг ўринбосарига ва қурувчи компания таъсисчисига қарши жиноят иши қўзғатилди. Айбдорлардан 1,89 млрд сўм ундирилди. Шунингдек, туман ИИБ бошлиғи ва прокурори ҳам ҳайфсан олди.
Маълумот учун: Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, Building And Supplies компанияси 2018 йил 2 февралда рўйхатдан ўтган. Компания таъсисчиси ва раҳбари сифатида Абдураҳим Қодиров кўрсатилган.
Шарҳлар