Депутатлар иккинчи ўқишда IMEI-кодларни клонлаш ва ноқонуний майнинг учун жавобгарликка тузатишларни қабул қилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди, дея хабар беради Ўзбекистон парламентининг матбуот хизмати.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда айрим ҳуқуқбузарлар томонидан хориждан олиб келинаётган ёки блокланган уяли алоқа қурилмаларига кам ҳақ эвазига ўзгаларнинг ИМЕИ кодларини кўчириб бериш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқларига зарар етказиб, мобил телефон ўғирлиги, шунингдек, мобил телефонларни қўлга киритиш мақсадида босқинчилик, талончилик ва бошқа оғир турдаги айрим жиноятлар сонининг ошишига ҳамда уларнинг аксарияти фош этилмасдан қолишига сабаб бўляпти.
Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг шу йил 5 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда депутатлар, экспертлар, ҳуқуқшунослар томонидан берилган барча таклифлар, фикр-мулоҳазалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти лойиҳа матнида акс эттирилган ҳолда қонун лойиҳаси маромига етказилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси “ўғирланган телефонларни кузатишни қийинлаштирадиган” мобил қурилманинг IMEI-кодини клонлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлагани ҳақида хабар берган эди.
Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига кўра, клонлаш қуйидагича амалга оширилади: махсус дастурий таъминот ёрдамида IMEI-код бир мобил қурилмадан бошқасига ёки бир нечта бошқа мобил қурилмаларга узатилади, бунинг натижасида бир хил IMEI-коди бўлган бир нечта мобил қурилмалар тармоқда пайдо бўлади. Бундай клонланган IMEI-кодларини автоматик аниқлаш ва блокировка қилишнинг техник тартиби ҳали жорий этилмаган.
Шарҳлар