ДХХ: «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» препаратларининг лаборатория синовлари белгиланган тартибда ўтказилмаган

Источник: СГБ

Айни пайтда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан «Quramax Medikal» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Quramax Medikal» МЧЖ томонидан мамлакатимизга импорт қилинган ушбу препаратлар «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ томонидан лаборатория синовларидан ўтказилган ҳамда уларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилиб, ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаганлиги натижасида, сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган.

Жиноят иши доирасида «Quramax Medikal» МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходимлари ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖнинг 2 нафар масъул ходимлари гумонланувчи шахслар сифатида ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган.

««Quramax Medikal» МЧЖга тегишли дори воситаларини Ўзбекистонда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги мутасадди ходимларнинг ушбу ҳолат бўйича амалга оширган ҳаракатларини текшириш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда».

ДХХ эҳтимолий салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, мазкур мавзуга оид текширилмаган ёки асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўрамоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.