ДХХ ноқонуний ер сотиш бўйича олтита ҳолатга чек қўйди
Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) қатор ҳудудларда ерни ноқонуний сотаётган шахсларни фош қилди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
ДХХ матбуот хизматининг хабар бершича, Фарғона вилоятида транспорт хизмати билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари риэлторлик билан шуғулланувчи МЧЖ бошлиғи ва яна икки нафар фуқаро билан келишиб, бошқа фуқарога қурилиш балансида бўлган 50 сотих ер майдонини $25 мингга сотмоқчи бўлган.
Улар сўралган пулни олаётган вақтида ДХХ томонидан ушланди.
Давлат кадастири палатасининг Намангандаги бўлими раҳбари ва бош мутахассиси ер билан боғлиқ фирибгарлиги, яъни бошқа фуқародан $6 минг ва 42 млн сўм олгани аниқланди.
«ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ДУК Бухоро филиалининг архитектори қурилиш фирмасининг вакилига ўз танишлари орқали «Е-Аукцион» платформаси ёрдамида онлайн-савдоларда кўп қаватли уй қурилиши учун Бухорода 6 сотих ер олишга ёрдам беришни ваъда қилган. У ўзининг хизматлари учун $30 минг сўраган. Кейинчалик архитектор сўралган сумманинг $10 мингини аванс сифатида олаётган пайтда ушланди.
Терговгача текширув давомида архитектор бу пулларни Давлат кадастрлари палатаси Бухоро туман филиалининг онлайн-савдолар бўйича муҳандисига бериши керак бўлгани аниқланди.
Худди шундай, Сирдарё вилоятининг Пахтакор туманида фермер чорвачилик учун ажратилган фермер хўжалиги еридан 20 гектарини бошқа фуқаро номига ўтказишни ваъда қилиб, у бунинг учун фуқародан $8 минг талаб қилган. Фермер сўралган пулдан $7,5 мингини олган вақтида ушланди.
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи шахс Янгиҳаёт туманида яшовчи фуқарога мансабдор танишлари орқали Сергели туманидан 1,2 сотих ерни олиб беришини ваъда қилиб, эвазига $12 минг сўраган. Ушбу шахс сўралган пулдан $6 мингини олган вақтида ушланди.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи фуқаро туман ҳокими қарори билан деҳқончилик учун ўз отаси номига расмийлаштирилган 50 сотих ва унинг ёнида жойлашган яна шунча ерни мансабдор танишлари орқали харидорга сотмочи бўлиб, харидордан $8 минг сўраган. У сўралган пулдан $4 мингини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Шарҳлар