ДХХ томонидан жойлардаги қонунбузилиши ҳолатларига чек қўйилди
ДХХ томонидан ИИБ катта инспектори, Кадастр агентлиги бош мутахассиси, юрист ва собиқ ҳарбий хизматчи пора олаётганда қўлга олинди, деб хабар бермоқда УзА.
Унга кўра, давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Мирзаобод туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият юристи логистика хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбаридан 14 минг АҚШ доллари ва 12 млн. сўм олган вақтида қўлга олинган.
«Аниқланишича, у вилоят прокуратураси томонидан мазкур масъулияти чекланган жамият раҳбарига нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида МЧЖнинг бекор қилинган гувоҳномасини тиклаш ва солиқ идоралари томонидан 1 млрд. 950 млн. сўм қўшилган қиймат солиғини олишга қўйилган таъқиқ масаласини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган», – дейилади хабарда.
ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги бош мутахассиси Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқарога нисбатан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатмаслик масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
«Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта инспектори фуқародан ноқонуний тарзда 4 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари томонидан ушланди. Аниқланишича, у Жиноят Кодексининг 251 прим 1-моддаси 3-қисми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумни Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш муассасасидан Чирчиқ шаҳрида жойлашган 14-сонли жазони ижро этиш муассасасига кўчирилишида ёрдам беришини ваъда қилган», – дейилади хабарда.
ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. собиқ ҳарбий хизматчи ўзининг мансабдор танишлари ёрдамида маҳаллий фуқарони ички ишлар органлари тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар