ДХХ Тошкентда нарколаборатория фаолиятига чек қўйди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган махсус операция натижасида Интернет тармоғи орқали синтетик наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Улар томонидан Тошкент шаҳрида ижарага олинган 3 та хонадонда “мефедрон” синтетик наркотик моддасини яширин лаборатория шароитида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Махсус тадбирлар натижасида ушбу хонадонларда умумий миқдорда 892 гр. “мефедрон”, 45 гр. “альфа-ПВП” синтетик наркотик моддалари, хом-ашё сифатида фойдаланиладиган 360 литрдан ортиқ заҳарли кимёвий моддалар ва прекурсорлар ҳамда зарур асбоб-ускуналар, ҳимоя воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, гуруҳ аъзолари томонидан хуфия жойларга яшириб қўйилган 898 гр. “мефедрон” моддаси, 15 литр ва 12 кг миқдорида турли хил кимёвий моддалар ҳамда 8 литр “бромкетон” олиб қўйилди.
«Бундан ташқари, улардан ноқонуний йўллар билан биткоин криптовалютасида жамғарилган 113.770 АҚШ доллари ҳам мусодара қилинди», – дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар