Ўзбекистон 104,7 млн долларга халқаро молиявий институтларнинг акцияларини харид қилади

Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистон Республикасининг Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси устав капиталидаги қўшимча акцияларга обуна бўлиши тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб ёзади “Норма” нашри.

Ҳужжат билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) ҳамда Халқаро молия корпорацияси (ХМК) Бошқарувчилар кенгаши томонидан 2018 йилда ушбу ташкилотларнинг устав капиталини ошириш ва аъзо мамлакатларнинг қўшимча акцияларга обуна бўлишларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ХТТБ ва ХМКларнинг устав капиталидаги мос равишда умумий қиймати $91,92 млн бўлган қўшимча 762 та акцияси ва умумий қиймати $12,78 млн бўлган қўшимча 12 781 та акциясига обуна бўлиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

ХТТБ ва ХМКнинг қўшимча акцияларини харид қилиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга ошириладиган тўловлар жадваллари тасдиқланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.