Диёра Келдиёрова кетма-кет рақибларини мағлуб этмоқда, у ярим финалда
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг дзюдо баҳсларида куннинг энг муҳим воқелиги юз бермоқда. Биринчи даврадан эркин ўтган ўзбекистонлик дзюдочи Диёра Келдиёрова (-52 кг) иккинчи босқичда Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони, япониялик Ута Абега рўбарў келди. Ушбу вазннинг икки номдор спортчилари ўртасида баҳсда Келдиёрова ғалаба қозониб, энг асосий рақибни йўлдан олиб ташлади.
“Диёра Келдиёрова спортда имкони йўқ деган жумла мавжуд эмаслигини, ҳар қандай рақибни мағлуб этиш мумкинлигини кўрсатди. Унинг япониялик Ута Абени доғда қолдирган ҳаракати йил иппони номинацияси учун энг асосий даъвогарга айланди” – дейилади хабарда.
Шунингдек, у навбатдаги жангида, чорак финалда Германия вакили Маша Баллҳаус билан учрашди ва уни ҳам мағлуб этиб ярим финалга йўл олди.
Маълумот учун, Диёра Келдиёрова 2019 йилда Ал-Фужайра шаҳрида (БАА) ўтказилган дзюдо бўйича Осиё чемпионатида 52 килограммгача вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган эди. Шунингдек, у Жаҳон чемпионати ва Жаҳон ҳарбий ўйинларининг совриндори.
Шарҳлар