«Док-1 Макс» препаратини тавсия қилгани учун тиббий ходимлар мунтазам равишда мукофот олган
“Док-1 Мах” йўтал сиропининг дистрибьютори Ўзбекистонда камида 65 боланинг ўлимида айбланган дорини тавсия қилган шифокорлар, ҳамширалар ва дорихона ходимларини мунтазам равишда тақдирлаб турарди. Бу 23 октябрь куни мазкур жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлисида муҳокама қилинди, деб ёзади «Газета.уз» нашри «Дарё»га таянган ҳолда.
Солиқ қўмитаси вакилининг кўрсатмаларига кўра, ишлаб чиқарувчилар шифокорларга сиропни беморларга тавсия қилгани ва савдо ҳажмини оширишга ҳисса қўшгани учун 5 миллиард 57 миллион сўм (тахминан 413 минг доллар) тўлаган. Яна 122 миллион сўм (деярли 10 минг доллар) шифохоналарда беморларни эмлаш билан шуғулланган ҳамширалар учун маош сифатида олинганди. Ишлаб чиқарувчи “Док-1 Мах” савдосининг ўсишига эришган дорихоналар раҳбарлари ва ходимларига 2 миллиард 345 миллион сўм (191,7 минг доллар) тўлаган.
Солиқ қўмитаси ходимининг сўзларига кўра, Quramax Medikal комапияси корхона фаолиятига қўшган ҳиссаси учун жами 13 миллиард сўм маошни «конвертда» тўлаган. Маблағлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилгач, корхонада 9,6 млрд.сўм солиқ қарзи вужудга келган.
Ишда бўйича айбланувчи ҳисобланган Quramax Medikal компаниясининг собиқ директори манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Даврон Аҳмадов бунга бу айбга қўшилмади ва шифокорлар нима учун ўз вазифаларини бажариб, ушбу дорини тавсия қилганликлари, шунингдек, нима сабабдан сиропни тавсия этганлик учун тўланган маблағлар бўйича солиқларни Quramax Medikal компаниясидан ундиришга уринаётганликлари ҳақида сўраган.
Солиқ ходими Quramax Medikal компанияси солиқ агенти этиб белгиланганини, шу сабабли шифокорларга тўланган 5,05 миллиард сўм маблағ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи сифатида ушбу компаниядан ундирилаётганини айтди.
«Дарё» нашри суд жараёни иштирокчиларидан бирига таянган ҳолда, Marion Biotech компанияси “Док-1 Мах” сиропини 2021 йилда қайта рўйхатдан ўтказиш учун Фармацевтика тармоғини ривожланиш агентлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техникани экспертиза қилиш ва стандартлаштириш давлат марказига тақдим этгани ҳақида маълум қилади.
Судьянинг сўзларига кўра, мавжуд GMP сертификатининг (компаниянинг зарур ишлаб чиқариш амалиётига риоя қилишини тасдиқловчи сертификат) муддати ўтиб кетган ва қайта рўйхатдан ўтказиш вақтида компания икки ойга яқин вақт давомида сертификатсиз қолган. Бироқ Ўзбекистондаги дорихоналарда “Док-1 Мах” сиропи сотилиши давом этган. Ушбу даврда Ҳиндистондан Ўзбекистонга 39,6 минг флакон таркибида заҳарли моддаси бўлган сироп олиб кирилган.
Судьянинг саволига Фармацевтика агентлигининг собиқ директори С.К. бу флаконлар завод томонидан GMP сертификати бўлган пайтда ишлаб чиқарилганини, шу боис ҳужжат муддати тугаганига қарамай, Ўзбекистонда дори воситаларини сотишга рухсат берилганини айтади.
Шарҳлар