Отабек Умаров Telegram асосчиси Павел Дуров билан учрашди
Марказий Осиё ММА Конфедерацияси президенти Отабек Умаров Telegram асосчиси Павел Дуров билан учрашди. Бу ҳақда у ўз Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий ҳафтада Telegram жамоаси лойиҳа асосчиси Павел Дуров ва унинг акаси Николай бошчилигида Ўзбекистонга ташриф буюрган.
“Мамлакатимизда ушбу хизматга алоҳида илиқ муносабат билдирилади, чунки Telegram биз учун шунчаки биринчи рақамли мессенжердан каттароқ нарсадир. Биз унинг ёрдамида яқинларимиз билан доим алоқада бўлиш билан бирга, янгиликлардан хабардор бўламиз, ишларни юритамиз, керакли товар ва хизматларни топамиз. Telegram ҳар қандай масалада мобил интернетнинг деярли ҳар бир фойдаланувчисига ёрдам беради”, — дейилади постда.
Отабек Умаров Павел ва унинг яқинларини қабул қилиш ҳақиқий шарафга айланганини таъкидлади. “Уларнинг барчаси юксак даражадаги ўз ишининг усталари бўлибгина қолмай, балки дунёга қалби очиқ бўлган ажойиб инсонлар эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилиш бениҳоя ёқимли ҳиссиётдир. Умид қиламизки, Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари қолдирган таассуротлар ҳамда Telegram фойдаланувчилари билан мулоқот уларга янги технологик ечимларни яратишга илҳом беради. Бунга жуда оз фурсат қолганига ишонаман”, — дея ўз гапларига якун ясаган у.
Эслатиб ўтамиз, Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров аввалроқ Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюриб, ушбу минтақадаги Telegram фойдаланувчилари эҳтиёжларини ўрганиш ниятини маълум қилган эди. Кейинроқ тадбиркор ўз Telegram-каналида сафар чоғида олинган суратларни эълон қила бошлади.
Шарҳлар