Ўзбекистонда мактабларнинг бўш ерларида давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилади
Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни мактабгача таълимни ривожлантириш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шахс тарбияси ва ривожланишига болаликдан замин қўйилади. Шу боис давлатимиз томонидан мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Охирги етти йилда бу тизимда қамров даражаси 27 фоиздан 74,6 фоизга кўтарилди. Келгуси беш йилда буни 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, таълим-тарбия мазмуни ҳам муҳим. Бу ўқув-методик қўлланмалар таъминоти, тарбиячилар салоҳияти, янгича ёндашувлар каби кўп омилларни талаб этади.
Тақдимотда мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди.
Жумладан, қамровни кенгайтириш мақсадида мактабларнинг бўш ерларида давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.
Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган ўқув-методик материаллар ҳамма боғчаларда ҳам тўлиқ эмас. Нодавлат муассасалар интернет манбаларидан фойдаланмоқда. Шунинг учун энди барча дастурлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг веб-сайтида жойлаштирилиши ҳамда ундан бепул фойдаланилиши белгиланмоқда.
Илғор хорижий тажрибада болаларнинг ақлий ва когнитив салоҳияти, жисмоний, руҳий, ижтимоий ҳолати доимий кузатилиб, тарбия йўналтирилади. Шундан келиб чиқиб, Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида “Боланинг ривожланиш харитаси”ни юритиш вазифаси қўйилмоқда.
Боғчалардаги педагогларнинг катта қисми ўрта махсус маълумотли. Соҳада малака оширишнинг ҳозирги муддати беш йилда бир марта. Бу жараённи жадаллаштириш мақсадида малака курслари оралиғида “Методик маҳорат соати” ва “Методик маҳорат куни” тадбирларини ўтказиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, бу йўналишдаги олий таълимда дуал таълим шаклини очиш, сиртқи ва кечки ўқувларда мақсадли квоталарни ошириш таклиф этилмоқда.
Бугунги кунда давлат боғчаларида давомат, озиқ-овқат харажатлари қоғоз шаклида тўлдирилмоқда. Энди биометрик идентификация қилиш технологиясини қўллаган ҳолда ҳисоботларни рақамлаштириш талаби қўйилмоқда.
Шарҳлар