Эквадор АҚШга Россия техникасини етказиб бериш ниятидан қайтди

Daniel Noboa. Foto: Reuters

Эквадор ҳукумати янги техника эвазига АҚШга Россия техникасини етказиб бериш ҳақидаги қарорини бекор қилди, деб хабар беради “РИА Новости” Россия элчиси Владимир Спринчанга таяниб. Вашингтон Эквадордан олинган ускуналарни Украинага бермоқчи эди.

Дипломат айтиб беришича, 16 февраль куни у Эквадор президенти Даниэль Нобоа билан учрашган. Музокаралар чоғида Эквадор ҳукумати бетараф мақомга риоя қилувчи ва БМТга доимий аъзо мамлакат “кимдир томонда туриб ўзини низога аралаштиришга йўл қўя олмаслиги”ни билдирган.

“Эквадорнинг позицияси — қайноқ зоналарга қурол ва ўқ-дори юбормаслик, балки низони тинч йўл билан, дипломатик воситалар орқали тартибга солишга ёрдамлашиш”, — деди Спринчан ва Китонинг Россия техникасини Вашингтонга бермаслик ҳақидаги қарори ҳақида расман келаси ҳафта маълум бўлишини қўшиб қўйди.

АҚШга эски совет техникасини юбориш режалари ҳақида Эквадор ҳукумати январь охирида маълум қилганди. Нобоа уни “металлолом” деб атаб, уларнинг етказиб берилиши халқаро битимга зид эмаслигини таъкидлаганди. АҚШ ўз навбатида, бу техникани Украинага бермоқчи эди.

Россия элчихонаси буни душманларча қадам, Россия ва Украина ўртасидаги низога бир томондан туриб ҳисса қўшиш, бетараф давлат позициясининг бузилиши деб ҳисоблаши ҳақида огоҳлантирди.

Дипломатик низо фонида Россия февраль бошида Эквадордан банан экспортини чеклаб қўйди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.