“E-Saylov” ахборот тизимининг жорий этилгани бу йилги сайловлардаги муҳим янгилик” – МСК раиси

Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси Раиси иштирокида матбуот анжумани бўлмоқда.

“Ўзбекистонда сайлов жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш – доимий эътибор қаратилаётган энг муҳим йўналишлардан биридир. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг сўнгги йилларда ўтказилган сайловларда муваффақиятли қўлланилгани шулар жумласидандир. Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда миллий сайлов тизимига “E-Saylov” ахборот тизимининг жорий этилгани, қайд этилганидек, бу йилги сайловлардаги муҳим янгилик ҳисобланади. Ахборот тизимидан 32 минг нафар сайлов жараёни иштирокчилари профессионал тарзда фойдаланишди. Фойдаланувчилар билан 40 турдаги SMS-хабарномалар орқали мулоқот ўрнатилди”, – дейди Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев.

Сайлов кампаниясида иштирок этишига ижозат берилган бешта сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган жами 375 нафар номзод рўйхатга олинди.

Ягона сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига мазкур бешта сиёсий партия томонидан кўрсатилган жами 500 нафар номзодлар рўйхати рўйхатга олинди. Маълумки, ягона сайлов округи бўйича 75-100 нафар депутатликка номзод партия рўйхатига биноан кўрсатилиши мумкин.

Тарихимизда биринчи марта бешта сиёсий партия томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди.

Хусусан, сиёсий партиялар томонидан бу йил Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига жами 24 850 нафар номзодлар, яъни барча сайлов округларида номзодлар тўлиқ кўрсатилиши имконига эга бўлди.

Бунда, “E-saylov” интерактив порталининг ишга тушгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу тизим орқали сиёсий партиялар номзодларнинг қонунчилик талабларига мослиги ҳолати бўйича сайлов комиссиялари билан тезкор ишлаш имкониятига эга бўлди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.