Екатеринбургда меҳнат мигрантлари билан юз берган ҳолатга расмий муносабат берилди
Екатеринбургда меҳнат мигрантлари билан юз берган ҳолат юзасидан Ташқи меҳнат миграция агентлиги ахборот хизмати расмий муносабат берди.
Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари томонидан қурилиш майдонларининг бирида рейд ўтказилгани ва унда бир гуруҳ фуқаронинг ўрдаксимон усулда юришга мажбурлагани тасвирланган хабарлар тарқалмоқда.
Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлишича, жорий йилнинг 17 январь куни Екатеринбург шаҳрида жойлашган қурилиш майдонларининг бирида ИИВ, ФХХ, Росгвардия ва прокуратура ходимлари томонидан «нолегал» рейд тадбири ўтказилган.
«Ушбу қурилиш ишларида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари вақтинча ишлаб келган. Рейд давомида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланган ва патентсиз меҳнат фаолиятини амалга оширгани сабабли суднинг қарори асосида Екатеринбург шаҳри Горнистов 15/4-уйда жойлашган Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилган», – дейилади хабарда.
Ушбу юртдошларимизнинг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари қурилиш биносига кирган вақтда кўплаб меҳнат мигрантлари қочишга ҳаракат қилган ва бинонинг орқа томонидан қочётган вақтида қўлга олинган. Фуқароларнинг ҳаракатларига жавобан ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари уларни ўтириб юришга мажбур қилган.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат мамлакатнинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан назоратга олинган ва юртдошларимизга ҳуқуқий ва бошқа шаклдаги ёрдам кўрсатилмоқда.
Аввалроқ, Омбудсман бу масалага эътибор қаратиб Россияга мурожаат юборгани ҳақида ёзгандик.
Шарҳлар