«Электрон поликлиника» тизими пилот режимида ишга туширилди

Фото: uzreport

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 7-оилавий поликлиникада «Электрон поликлиника» тизимининг янгиланган версияси пилот режимида ишга туширилди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Вазирликнинг таъкидлашича, аввалги тизимдан фарқли равишда янгиланган тизимда патронаж хизмати рақамлаштирилган ва «электрон рецепт» жорий этилган. Бундан ташқари, янги дастурда статистика маълумотлар реал вақт режимида шакллантирилади ва унда беморларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш яхшиланган.

Янгиланиш туфайли энди беморлар шифокорга навбат кутиб 40 дақиқа ўтирмайди, янги «онлайн қабулга ёзилиш» функцияси жорий қилиниши ҳисобига кутиш вақти 10 дақиқагача қисқаради.

Шунингдек, янгиланган тизим Давлат персоналлаштириш маркази ва электрон ҳукумат платформасига интеграциялаштирилган. Бунинг натижасида оилавий поликлиникага келган беморлар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишига ҳожат қолмайди, буни юзларни таниб олиш дастури амалга оширади.

Янги тизимда ягона тиббий рақам олиш имконияти ҳам мавжуд. Фуқаролар ушбу рақам орқали ЯИДХП орқали уларга кўрсатилган тиббий хизматлар ёки тиббий кўрсаткичлар билан танишишлари мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.