Ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Foto: videodan foto nusxa

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари Паркент туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари билан ўзаро тил бириктириб, мазкур фермер хўжаликка тегишли 42,5 гектар ер майдонини харидорга гўёки 51 гектар эканлигини айтиб, уни 580 минг АҚШ долларига сотишга келишишган.

Аммо, улар олдиндан 550 минг АҚШ доллари олган вақтларида қўлга тушишган.

Нурафшон шаҳрида эса яшовчи, шахс ўзининг турмуш ўртоғига Ўртачирчиқ тумани ҳудудидан ободонлаштириш ва боғ барпо этиш учун ажратиб берилган 3,64 гектар ер майдонининг 2 гектарини таниши билан келишган ҳолда, харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 560 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 60 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланган.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда, Данғара туманида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро 2017-йилда туман ҳокимлиги томонидан боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ўзига ажратиб берилган 1,3 гектар ер майдонида иссиқхона қуришга рухсат олинганлиги ҳақида ёлғон гапириб, 410 минг АҚШ доллари эвазига уни харидор номига расмийлаштириб беришини айтади.

Аммо, у сўралган пул маблағидан 35 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Қўқон шаҳрида қайд этилган ҳолатда, фуқаро тадбиркорнинг ишончига кириб, шаҳар ҳокимлиги захирасида бўлган 5 сотих ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлиги айтиб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Лекин, у сўралган пул маблағидан аванс сифатида 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилганида, унинг шериги ҳокимият тизимида ишловчи танишлари ёрдамида ушбу ер майдони бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари олганида қўлга тушишган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.