ЕТТБ: Марказий Осиё иқтисодиёти геосиёсий тўсиқларга бардошли
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўзининг сўнгги “Минтақавий иқтисодий истиқболлар” прогнозига кўра, газнинг юқори нархлари ҳамда қаттиқроқ молиялаш шартлари туфайли юзага келган инфляция Шарқий Европа ва ундан ташқаридаги мамлакатларда ўсишни секинлаштирмоқда.
ЕТТБ ҳудудларида Марказий Осиёдаги ўсиш 2023 йилда 5,2 фоиз (февраль ойи билан солиштирганда зсиш бўйича тузатилган) ва 2024 йилда 5,4 фоиз даражасида кучли бўлиб қолиши прогноз қилинмоқда. Россия корхоналарининг бошқа жойга кўчирилиши ва нефть экспортининг ортиши Қозоғистонда ўсишни кучайтирмоқда, Мўғулистон эса тоғ-кон саноатини кенгайтириш ва Хитой билан алоқаларни тиклашдан фойда кўрмоқда.
Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиёти Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ ноқулай геосиёсий тўсиқларга бардошли эканини исботлади. Минтақадаги аксарият давлатлар Россия бозоридан халқаро фирмаларнинг чекиниши натижасида ҳосил бўлган вакуумда ўз маҳсулотларини етказиб берувчи воситачи сифатида Россия билан савдо ҳамкорлигини кучайтирди. Марказий Осиёга хориждан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада ошди, бу эса банк депозитлари ва фойданинг ошишига олиб келди. Россия фирмалари ва жисмоний шахсларнинг кўчиши чакана савдо, кўчмас мулк ва меҳмонхона бизнеси соҳаларида талабни оширди.
Шу билан бирга, Россияда ишчи кучига бўлган талаб ва рубль мустаҳкамланиши билан қўллаб-қувватланган меҳнат пул ўтказмалари ҳам ошди. Минтақа 2023 йилнинг биринчи чорагида ўсишда давом этди, айни пайтда кўпчилик мамлакатларда истеъмол нархларининг инфляцияси марказий банклар томонидан белгиланган мақсадли диапазонлардан анча юқори бўлиб қолди. Минтақа иқтисодиёти қисқа муддатда тез суръатлар билан ўсишда давом этиши мумкин, аммо фоиз ставкалари, инфляция ва хомашё баҳосидаги глобал тенденцияларга нисбатан ноаниқлик сақланиб қолмоқда.
2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг умумий ўсиш суръати 5,7 фоизни ташкил этди, бу ташқи ва ички талаб шароитларининг сезиларли яхшиланганини, жумладан, пул ўтказмалари икки баравардан зиёд кўпайганини кўрсатади. Иқтисодиёт 2023 ва 2024 йилларда 6,5 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда, бу эса хорижий инвестициялар, компаниялар ва жисмоний шахсларнинг кириб келиши, яхши ташкиллаштирилган хусусийлаштиришр ва ишбилармонлик муҳитини ислоҳ қилиш натижасида юзага келади. Нисбий диверсификацияга қарамай, иқтисодиётга Россиянинг Украина билан уруши янада кучайиши ва пул ўтказмаларининг қисқариши тўсқинлик қилиши мумкин.
Қозоғистон иқтисодиёти хорижий фирмаларнинг кўчиши, йирик глобал иштирокчиларнинг Россиядан чиқиб кетиши билан боғлиқ янги фаолиятга сармоя киритилиши ҳамда нефтнинг транспорт ва транзит йўналишларини диверсификация қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлардан фойда кўрмоқда. Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кириш тўсиқларини камайтириш ва сиёсатга мойил шахсларнинг иқтисодиётга таъсирини камайтиришга қаратилган режалаштирилган ислоҳотлар ўрта муддатли истиқболда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга ёрдам беради. Салбий хавфларга давом этаётган инфляция босими ҳамда нефть ва хомашё нархлари бўйича ноаниқлик киради. Умуман олганда, иқтисодиёт 2023 йилда 3,9 фоизга, 2024 йилда эса 4,2 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Россиянинг меҳнат муҳожирларига бўлган талаби, Россия капитали ва юқори малакали ишчи кучининг Қирғизистон Республикасига кўчиши, воситачилик савдосининг сезиларли ўсиши мамлакатнинг қисқа муддатли ўсишини таъминловчи асосий омиллардандир. Солиқ маъмуриятчилигининг такомиллаштирилгани норасмий секторни қисқартириш ва солиққа тортиш базасини кенгайтириш орқали ҳам бу ўсишга хизмат қилмоқда. Реал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 2023 йилда 7,0 фоизга, 2024 йилда эса 7,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларига инвестициялар ўрта муддатли истиқболда ЯИМ ўсишига ҳисса қўшиши мумкин. Бироқ, заифликлар кредит шартларининг қаттиқлашиши ва Россиядан пул ўтказмаларига боғлиқлигича қолмоқда.
Тожикистон иқтисодиёти Россиянинг Украинага қарши уруши натижасида юзага келган таъминот занжири узилишларига чидамлилигини исботлади. Нисбатан паст инфляция, Россиянинг Тожикистондан ишчи кучига бўлган талаби, Хитойнинг очиқлиги, энергетика ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши туфайли 2023 ва 2024 йилларда ЯИМ ўсиши 7,5 фоизга етиши кутилмоқда. Салбий хавфлар Афғонистондаги вазият ва Россиянинг Украина билан уруши билан боғлиқ ташқи шароитларнинг ёмонлашиши билан боғлиқ.
Шарҳлар