ЕТТБ Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланишини прогноз қилмоқда
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг бугун эълон қилинган сўнгги Минтақавий иқтисодий истиқбол (МИИ) ҳисоботига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти 2023 йилнинг биринчи ярмида кучли ўсишни қайд этган. Бунга халқаро савдо ва туризмнинг қайта тикланиши, шунингдек, Россиядан миграция ва пул ўтказмаларининг юқори даражаси ёрдам берган. Банк маълумотларига кўра, минтақада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2023 йилда 5,7% ва 2024 йилда 5,9% даражасида барқарор бўлиши мумкин.
“Сўнгги пайтларда давлат харажатларининг кўпайиши, Хитой билан тўлиқ иқтисодий ҳамкорликнинг қайта тикланиши, Россия билан воситачилик савдосининг ўсиши ҳамда Россиядан пул ўтказмалари ва бизнес кўчиши натижасида юзага келган иқтисодий ўсишнинг тезлашиши давом этиши мумкин. Бироқ, МИИнинг таъкидлашича, қарз олишнинг юқори харажатлари минтақадаги инвестицияларга қизиқиш ва уларнинг кўламига таъсир қилиши мумкин. Шу билан бирга, сўнгги пайтларда сув ва энергия таъминотидаги узилишлар мутасаддиларни узоқ вақтдан бери долзарб бўлиб келаётган тариф ислоҳотларини амалга оширишга, шунингдек, ресурсларни янада самарали бошқаришга ундаши мумкин”, — дейилади ҳисоботда.
МИИ прогнозига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 2023 ва 2024 йилларда ҳам 6,5 фоизни ташкил этади, бу эса номинал иш ҳақининг ўсиши ва кредитлаш ҳажмининг ошиши ҳисобига кучли ички талаб билан қувватланади.
“Чакана савдо, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги, айниқса, ажойиб натижаларни кўрсатди. Акцияларнинг яхши тагкиллаштирилган бирламчи оммавий жойлаштирилиши (IPO) ва хусусийлаштириш ўсиш истиқболларини яхшилаши мумкин. Пул ўтказмаларининг қисқариши (биринчи навбатда Россиядан), инфратузилманинг ёмонлашуви ва сув таъминотидаги муаммолар иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашишига олиб келиши мумкин”, — дейилади ҳисоботда.
МИИ маълумотларига кўра, гарчи нефть нархининг ноаниқлиги муҳим хавф омили бўлса-да, Қозоғистон иқтисодиёти 2023 ва 2024 йилларда ҳам 5,0 фоизга ўсади. Мамлакатда чакана ва улгуржи савдо ҳамда қурилиш каби соҳаларда сезиларли ўсиш кузатилди. Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги барча бозорларга хизмат кўрсатувчи савдо маркази сифатидаги роли мустаҳкамланди, бунинг натижасида инфратузилма, транспорт ва логистика ечимларига давлат ва хусусий инвестициялар кўпайди. Шу билан бирга, Украинадаги урушнинг давом этиши Қозоғистондан нефть экспортининг асосий улушини таъминлайдиган Қора денгиздаги Каспий қувурлари консорциуми терминалининг ишлаши учун жиддий хавфлар билан боғлиқ.
Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 2023 йилда 4,6 фоизга, 2024 йилда эса 7 фоизга ўсиши кутилмоқда. 2023 йилнинг биринчи етти ойида металлар (асосан олтин) ишлаб чиқаришнинг камайиши ва қишлоқ хўжалиги секторидаги секинлашув туфайли иқтисодий ўсиш ўтган йилга нисбатан 2,9 фоизгача секинлашди. Шу билан бирга, кучли ташқи талаб туфайли тўқимачилик саноати ривожланишида сезиларли сакраш кузатилди. Туризмда ҳам сезиларли ўсиш кузатилди, бу эса ўз навбатида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, меҳмонхона бизнеси, чакана ва улгуржи савдонинг ўсишига олиб келди. МИИ мамлакатнинг иқтисодий ўсиши сув ва энергетика ресурслари тақчиллиги, шунингдек, Россия билан воситачилик савдосида фаол иштирок этгани учун мамлакатга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган иккиламчи санкциялар билан чекланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.
Тожикистон иқтисодиёти 2023 ва 2024 йилларда 7,5 фоизлик кучли ўсишни кўрсатиши кутилмоқда. Яқинроқ минтақавий ҳамкорлик, давлат инвестициялари (айниқса, сув ва энергетика инфратузилмасига), Россиядан пул ўтказмалари оқими ва кучли саноат ва қишлоқ хўжалигининг ўсиши ривожланишнинг асосий омиллари ҳисобланади. Хитойда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва сув танқислиги шароитида трансчегаравий можаролар келажакдаги ўсиш истиқболларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шарҳлар