Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Ўзбекистонга келишни режалаштирмоқда

Дэвид О’Салливан (второй слева). Фото: kloop.kg

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда у 28 март куни Қирғизистонга ташрифи чоғида маълум қилди. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси маълум қилишича, у 27−28 апрель кунлари келиши мумкин, деб ёзади “Газета” нашри.

Қирғизистонда сўзга чиққан Дэвид О’Салливан Европа Иттифоқининг Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши жорий қилган санкцияларини четлаб ўтиш билан боғлиқ давлатларга ташриф буюраётганини айтди, деб ёзади Қирғизистоннинг Kaktus.media нашри. У Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Грузия ва Арманистонга ҳам бориш ниятида ва аллақачон Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияга ташриф буюриб бўлди.

«Биз Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватламайдиган давлатларнинг фикрини ҳурмат қиламиз. Аммо уларнинг санкцияларни четлаб ўтиш платформасига айланишини истамаган бўлардик», — деди Европа Иттифоқининг махсус вакили.

«Айрим позициялар бўйича Европа Иттифоқи давлатларидан Қирғизистонга экспорт ўсиши 700 фоизни ташкил этди. Гап илғор технологиялар ва иккиламчи маҳсулотлар ҳақида бормоқда. Масалан, смартфонлар, видеокамералар, урушда фойдаланиш мумкин бўлган мураккаб технологияга эга қурилмалар», — дея таъкидлади Дэвид О’Салливан.

Махсус вакилнинг қўшимча қилишича, ЕИ экспорт қилинадиган маҳсулотлар ҳарбий мақсадларда қўлланилишини истамайди, бутловчи қисмлар эса Россия қуролларидан топилган.

Шу билан бирга, О’Салливан Қирғизистон ва Россия ўртасида кучли савдо-иқтисодий алоқалар мавжудлиги ва уларни ҳеч ким бузиб ташламаслигини тушунишини таъкидлади.

«Ҳеч ким санкциялар масаласи Қирғизистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни бузишини истамайди, аммо бунинг учун қандай чоралар кўрилишини тушуниш учун мулоқот керак. «Биз санкцияларни четлаб ўтишни тушунтириш учун ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ва тренинглар ўтишга тайёрмиз. Божхона ва бошқа хизматлар бўйича мутахассислар кузда бу ерга келишлари мумкин. Президент маъмурияти билан учрашувлар аллақачон бўлиб ўтган ва биз ўзаро мақбул ечимга келишимиз керак», — дея хулоса қилди ЕИ махсус вакили.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.