Европа кинофестивали Тошкент ва Бухорода 15 та фильмни тақдим этади

Фото: freepik.com

Тошкент ва Бухоро шаҳарларида 1–5-октябрь кунлари “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали доирасида 8- Европа кинофестивали ўтказилади.

Дастур Европа якдиллигини ифода этувчи 15та турли жанрдаги фильмни ўз ичига олади. Фильмлар аслият тилида, субтитрлар билан намойиш этилади. Европа кинофестивалига кириш – бепул.

 «Европа кинофестивали – кино мухлислари учун узоқ кутилган воқеа, у маданиятларни бирлаштиради ва уфқларни кенгайтиради. 2023 йилги фестиваль дастури глобал ва Европа миқёсидаги ижтимоий муаммоларнинг кенг кўламини тадқиқ этувчи, эътироф ва совринларга сазовор бўлган Европа фильмларини қамраб олади. Уларнинг барчаси Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Сўнги йилларда фестивал Ўзбекистоннинг еттита ҳудудини қамраб олиб, 20 000 томошабин қалбини 20 та Европа мамлакатидан 90 та фильм билан забт этди. У қувонч таратади, қизиқиш уйғотади ва ЕИ кинематографиясининг бой дунёси билан таништиради. Санъат ва маданият абадий яшасин!», — дея, қайд этди Евопа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Фестиваль дастурига Австрия, Бельгия, Хорватия, Эстония, Финляндия, Франция, Германия, Венгрия, Италия, Мальта, Португалия, Руминия, Словения, Испания ва Украина каби Европа мамлакатларида суратга олинган 15 та картина кирди.

Фильмлар томошабинларга турлича кинематографик тажрибани таклиф этади ва турфа жанрларни қамраб олади: комедия ва драмадан то анимация ва ҳужжатли фильмгача. Бу картиналар ўйлашга ундайди ва экологик ҳалокатлар, қарилик ва ёлғизлик муаммолари, оталар ва болалар ўртасидаги мураккаб муносабатлар, ота-онадан сепарациялашиш, маданиятдаги тафовутлар, жамиятдаги босим ва инсон руҳиятининг қоронғу жиҳатлари каби чуқур мавзуларни ёритади.

Ахборот учун:

  • Европа кинофестивали иккита манзилда ўтади:

— Тошкентда намойишлар 1–3-октябрда “Юлдуз” кинотеатрида ўтказилади (собиқ Premier Hallкинотеатри);

— Бухорода намойишлар 3–5-октябрда “Бухоро” кинотеатрида ўтказилади.

  • Кириш бепул ва жонли навбат тартибида амалга оширилади. Аввалдан рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди.
  • Фильмлар аслият тилида, ўзбек ёки рус тилларидаги субтитрлар билан намойиш этилади. Субтитрлар тўғрисидаги батафсил ахборотни фестиваль дастурида кўриш мумкин.
  • Фильмлар каталоги ва дастур фестивалнинг расмий www. tiffest.uz сайтида ва ЕИнинг Ўзбекистондаги делегациясининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган: TelegramFacebookInstagram.

Европа кинофестивалининг трейлери.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.