Фаластин халқи пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақли – Ўзбекистон президенти

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни халқаро ҳамжамиятнинг Ғазо ва Ливандаги кескинликни камайтириш, юзага келаётган вазиятни тез фурсатда сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалаларига бағишланган навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлади.

«Бугунги саммитда глобал ва минтақа даражасида самарали механизмлар ва аниқ ечимлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилишига ишонч билдирилди. Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва тинчлик музокараларини бошлаш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Хавфсизлик Кенгашининг доимий эътибор марказида туриши зарурлиги қайд этилди», – дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Шавкат Мирзиёев Қадимий ва бой тарихга эга фаластин халқи 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақли эканини қайд этди.

«Шу маънода, Саудия Арабистони ташаббуси билан ташкил этилган Икки давлат ечими учун глобал альянс фаолияти қўллаб-қувватланди. Бундан ташқари, Фаластин ва Ливан ҳудудидаги гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Махсус агентлиги доирасида ёрдам кўламини кенгайтириш таклиф этилди».

Давлат раҳбари урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини таъкидлади.

Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилиш нияти билдирилди.

Муҳокамалардан сўнг томонлар можаронинг сиёсий-дипломатик ечимини жадал излашга содиқлигини тасдиқловчи қўшма резолюция қабул қилинди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.