Фарғона вилоятида электробусларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

greenbiz.com

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида электробуслар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Бу бўйича вилоят делегациясининг Хитойга қилган ташрифи доирасида келишувга эришилган, деб ёзади “Газета” нашри Фарғона вилояти ҳокимлигининг хабарига таянган ҳолда.

Ҳокимликнинг маълумотига кўра, 2 босқичда йиллик қуввати 1000 дона, қиймати 100 млн долларлик электробуслар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Бу лойиҳа ортидан қиймати 50 млн долларлик электромобилларни қувватлаш ускуналарини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун Tunghsu Group компанияси, қиймати 30 млн долларлик Dongfeng электробусларига аккумуляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан Jiangxi Anchi New Energy Technology Co. Ltd компаниялари Фарғона вилоятига кириб келади. 

Dongfeng – Хитойнинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилардан бири. Компаниянинг асосий фаолияти барча турдаги тижорат автомобиллари, енгил автомобиллар, эҳтиёт қисмлар ва автомобиль ускуналарини ишлаб чиқариш, шунингдек, электробуслар ишлаб чиқаришни ўз ичига олади. Tunghsu Group ёруғлик-электр дисплей компонентларини ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, унинг манфаатлари доирасига муқобил энергия, кўчмас мулк ва бошқа соҳалар киради.

Шунингдек, делегация Фарғона шаҳрида “Ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Zhiyuanhui Information Technology  компанияси билан дастлабки келишувга эришди. Тажриба тариқасида у шаҳарнинг иккита маҳалласида синовдан ўтказилади.

China Power International, CAMC Engineering, Shaanxi Xiangsheng Industrial Group ва China Huadian Engineering Company энергетика компаниялари билан Бешариқ ва Фарғона туманларида умумий қиймати 1 миллиард долларлик фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича тўртта шартнома имзоланди.

Шунингдек, томонлар Пекиндаги энг йирик озиқ-овқат улгуржи бозори – Синьфади раҳбарияти билан Фарғона вилоятида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт қилиш бўйича дастлабки келишувга эришдилар.

Умумий қиймати 112 миллион долларлик етти саноат лойиҳаси доирасида тайёр мис маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги техникаси, болалар тагликлари, кафель, керамогранит ва металл профиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган. Жумладан, Jianhua Ceramics кафель ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 25 миллионлик лойиҳа жойлаштирилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.