Фарғонада 11 ёшли қизни ўлимига сабабчи бўлган икки болага ҳукм ўқилди

Видеомурожаатда жабрланувчининг қонуний вакили Қ.И. жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 15 январдаги ҳукмидан норози бўлиб, гўёки судланувчи вояга етмаган Б. Х.га енгил жазо тайинланганлигини иддао қилган, деб ёзмоқда Фарғона вилояти судлари матбуот хизмати. Судланувчилар Б.Х., М.С. ва Д.А.га оид жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўрилгани боис иш тафсилоти ошкор этилмайди.

“Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 15 январдаги ҳукми билан судланувчи вояга етмаган М. С.га Жиноят кодекси 25,97-моддаси 2-қисмининг “в,з,о” бандлари, 118-моддасининг 4-қисми, 119-моддасининг 4-қисми билан ушбу Кодекснинг 85-моддаси ҳамда 59-моддасининг 3-қисми тартибида 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи вояга етмаган Д. А.га Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “в,з,о” бандлари, 118-моддасининг 4-қисми ва 119-моддасининг 4-қисми билан ушбу Кодекснинг 85-моддаси ҳамда 59-моддасининг 3-қисми тартибида 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган”, – дейилади хабарда.

Жабрланувчи қонуний вакили Қ.И нинг судланувчи вояга етмаган Б. Х.га озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинлаш ҳақидаги важлари асоссиздир.

Чунки, судланувчи вояга етмаган Б. Х.нинг судланувчилар М. С. ва Д.А. томонидан содир этилган ўта оғир жиноятлар ҳақида аниқ билгани ҳолда олдиндан ваъда бермасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига айтмасдан, жиноятни яширганликдаги ҳаракатлари Жиноят кодекси 241-моддасининг 2-қисми билан квалификация қилинган.

“Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра, судланувчи вояга етмаган Б. Х. айбланган моддада назарда тутилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириши, ушбу Кодекснинг 85-моддасида вояга етмай туриб қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланмаслиги белгиланган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 85-моддаси талабига кўра, озодликдан маҳрум қилиш жиноят содир этиш пайтида ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан ўта оғир жинояти учун ўн йилгача, Жиноят кодексининг 86-моддаси талабига кўра, жиноятлар мажмуи тариқасида агар содир этилган жиноятларнинг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн беш йилгача муддатга тайинланиши мумкин”, – дейилган.

Суд, мазкур қонун талабларига риоя қилган ҳолда вояга етмаган М.С.га 14 йил, Д.А.га эса 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Ҳукмдан норози тарафларга шу суд орқали тегишли муддатда Фарғона вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ҳуқуқи тушунтирилган.

Судланувчи вояга етмаган Б. Х.га Жиноят кодекси  241-моддасининг 2-қисми билан Кодекснинг 62,84 п1-моддалари тартибида 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганлиги маълум қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.