Фарғонада 40 нафар ҳоким ёрдамчиси ишдан олинди
Фарғона вилоятида фаолияти қониқарсиз деб топилган 38 нафар ҳоким ёрдамчиси ўз аризасига кўра, яна икки нафари эса суд қарори асосида ишдан бўшатилди. Бу ҳақда “Газета” нашри вилоят ҳокимлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида 400 га яқин ҳоким ёрдамчиси янги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган, кичик саноат ва сервис лойиҳаларини ишга туширган, оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашгани қайд этилган. Шунингдек, 200 дан зиёд ҳоким ёрдамчисининг ишида натижа кўринмаган, қолаверса, маҳалласида ишсизлик кўрсаткичи юқорилиги маълум бўлди.
Вилоятнинг энг яхши натижа кўрсатган Бағдод тумани «Чекхитой» МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Нурматжон Ғозиев президент томонидан ажратилган совға MacBook Pro ноутбуки билан тақдирланди. Ижобий натижага эришган яна 342 нафар ҳоким ёрдамчисига эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташаккурномалари тақдим этилди.
Фаолияти «қониқарсиз» деб топилган жами 205 нафар ҳоким ёрдамчиларининг билим ва кўникмаларини ошириш учун 28−29 апрель кунлари икки кунлик малака ошириш семинари ташкил этилди.
Ушбу ҳоким ёрдамчиларининг катта қисми семинарда берилган зарур тавсия ва йўриқномаларни яхши ўзлаштириб, иш фаолиятларини янгидан ташкил қилган бўлишсада, лекин ўнлаб маҳаллаларда ижобий ўзгариш қайд этилмагани маълум бўлди, дейилади хабарда.
Шарҳлар