Фариддин Насриев Ўзбекистоннинг Эрондаги янги элчиси этиб тайинланди

Фото: "Дунё" АА

21 декабрь куни Ўзбекистоннинг янги фавқулодда ва мухтор элчиси Фариддин Насриев Эрон пойтахти Теҳронга борган. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар беряпти.

Дипломат 42 ёшда. Фариддин Насриев 1981 йилда туғилган. Тошкент молия институти ва Тошкент давлат юридик институтини (ҳозир университет) тамомлаган. У 2018-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги (Россия) Бош консуллигини бошқарган.

«Меҳнат фаолияти давомида 1999 йилда банк тизимида, 2003 йилдан Ташқи ишлар вазирлигининг турли тузилмаларида, жумладан Бельгия ва НАТОдаги дипломатик ваколатхоналарда ишлаган. Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментида 3-котибликдан директор ўринбосаригача бўлган поғонани босиб ўтган. Инглиз, француз, рус ва форс тилларини мукаммал билади», – дейилади хабарда.

У 2015−2023 йилларда Теҳрондаги элчи лавозимида ишлаган Баҳодир Абдуллаев ўрнини эгаллади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.