Фарзандини калтаклаётиб ўлдириб қўйган эр-хотин қўлга олинди
Ижтимоий тармоқда ва қатор ОАВларда тахминан 1 яшар гўдакни аёл шафқатсизларча ураётгани, яна бир лавҳада эса ана шу болани аёл билан эркак ерга кўмаётгани тасвирланган видео тарқалди. Болалар омбудсмани мазкур видеодаги ҳолатни тегишли просессуал тартибда ўрганиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.
«Тегишли идораларнинг тезкор ҳамкорлигида ҳолат ўрганилиб, видеотасвирдаги маълумот асосида аёлнинг шахси идентификация қилинди. Аниқланишича, бу шахс Андижон вилояти Жалақудуқ туманида яшовчи 1995-йилда туғилган А.Г. бўлиб, ҳозирги пайтда у (2016 йилдан бери) Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрида турмуш ўртоғи Б.И. билан яшаб келади. Шунингдек, видеотасвирдаги гўдак А.Г. ва Б.И.нинг 2019 йилда туғилган фарзанди Р.Х. эканлиги аниқланди», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тегишли сўровига асосан Бош консулхона ҳамда Новосибирск области ИИВ ходимлари билан ўзаро тезкор маълумотлар алмашиниши натижасида, 19-январ куни Б.И ва А.Г. лар Бердянск шаҳрида қўлга олиниб, просессуал тартибда ҳибсга олиндилар.
Россия Федерацияси Тергов Қўмитасининг Новосибирск шаҳри (Октабрский райони) тергов бошқармаси томонидан А.Г. ва Б.И. га нисбатан РФ ЖК 117-моддаси (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур жиноят иши юритуви доирасида Ўзбекистон фуқароси бўлган вояга етмаган Р.Х. манфаатларини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Россия Федерацияси тергов қўмитаси билан ҳуқуқий ҳамкорлик чораларини давом эттирмоқда. Бу борада қўшимча равишда маълумот берилади.
Мазкур ҳолат бўйича Болалар омбудсмани ўз кузатувини давом эттиради.
Шарҳлар