Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги қоидалари белгиланди

Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги қоидалари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.08.2014 йилдаги 234-сонли қарори билан Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда “Норма” нашри хабар беради.

Мазкур Низом халқ таълими тизимининг ҳудудий бошқарув органлари, мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари нинг раҳбар, педагогик ва бошқа кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича асосий мақсадлар, вазифалар, шакллар, методлар ва тартибларни белгилаб берган.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ишлари қамраб олинадиган лавозимлар ва мутахассисликлар рўйхати Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.  
Бошқа давлатлардаги таълим муассасаларини тугатган халқ таълими муассасаларининг раҳбар ва педагогик кадрлари базавий таълим тўғрисидаги ҳужжат нострификацияси амалга оширилганидан сўнг қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига қўйилади.

Бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфида бўлган таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим муассасаларининг ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари шартнома асосида бажарилади.  

Халқ таълими тизимида қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича фаолият А.Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институти, ҳудудий институтлар, Мактабгача таълим ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методик маркази томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, Низомда Халқ таълими вазирлиги ва юқорида кўрсатиб ўтилган ташкилотларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш соҳасидаги вазифалари; халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадлари ва вазифалари; қайта тайёрлаш ва малака ошириш сифати ва мазмунига қўйиладиган умумий талаблар; ўқув юкламасининг даврийлиги (давомийлиги) ва ҳажми; масофадан туриб таълим олиш шаклларини қўллаш ва бошқа масалалар батафсил белгилаб қўйилган. Масалан, раҳбар кадрлар учун малака ошириш даврийлиги 3 йилда камида бир мартани, педагогик кадрлар учун эса 5 йилда камида бир мартани ташкил этади.

Фотосурат: © Uzreport.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.