Франциянинг Orano компанияси Ўзбекистонда уран қазиб чиқариш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширди
Франция президентининг расмий ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида ўтаётган Ўзбекистон-Франция бизнес форумида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Orano» компанияси раиси Клод Имовен билан учрашди.
«Учрашувда геология-қидирув ишлари ва уран қазиб чиқариш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланди», – дейилади хабарда.
Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради.
Orano компанияси маҳаллий Nurlikum Mining қўшма корхонаси орқали уран қазиб чиқариш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширди.
“Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликда биз тоғ-кон ресурсларини ривожлантириш бўйича кўп ишларни амалга оширишни истаймиз… ҳамда бу соҳадаги йўл харитаси устида ҳамкорликда ишламоқчимиз”, — дейди Франция президенти Эммануэль Макрон.
Бир кун илгари Orano компанияси бош операцион директори Николас Маес ҳам Қозоғистонда дунёдаги биринчи йирик уран ишлаб чиқарувчи компания билан ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиш учун учрашувлар ўтказганди.
“Иккала давлат ҳам атом энергетикасига кўп таянадиган Францияга Россия таъминотига қарамлигини камайтиришга ёрдам бериши мумкин”, деб ёзади Reuters.
Orano дунёдаги энг йирик уран ва ядро ёқилғиси ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, унинг активлари 29 миллиард еврони ташкил қилади.
Аввалроқ Bloomberg Эммануэль Макроннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафаридан мақсад Франциянинг энергетика хавфсизлигини Марказий Осиёдан энергия етказиб бериш орқали мустаҳкамлаш эканини маълум қилган эди.
Шарҳлар